Орол денгизи фожиаси: минтақанинг бугуни ва келажаги қандай? Видео

1960-йилларда Совет Иттифоқи Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг қуруқ текисликларида сувни бошқа томонга буриш бўйича йирик лойиҳани амалга оширди. Узоқ тоғлардаги қорларнинг эриши ва ёғингарчиликлардан тўйинадиган минтақанинг икки асосий дарёси - Сирдарё ва Амударё сувлари чўлни пахта ва бошқа экинлар етиштириладиган қишлоқ хўжалиги ерларига айлантириш учун ишлатилди. Лойиҳадан аввал Сирдарё ва Амударё тоғлардан оқиб тушар, Қизилқум чўли орқали шимоли-ғарбий йўналишда оқиб ўтар ва ҳавзанинг энг паст қисмида бирлашар эди. Улар ҳосил қилган кўл - Орол денгизи - бир вақтлар дунёдаги тўртинчи энг йирик кўл ҳисобланган.
Суғориш ишлари чўлни яшнатган бўлса-да, Орол денгизини ҳалокатга учратди. NASAнинг Terra сунъий йўлдошидаги MODIS (Moderate Resolution Imaging Spectroradiometer) қурилмаси орқали олинган тасвирлар мазкур ўзгаришларни ҳужжатлаштирган. 2000 йилга келиб, Орол денгизи 1960 йилдаги майдонининг катта қисмини йўқотган эди. Шимолий Орол денгизи (баъзан Кичик Орол деб ҳам аталади) Жанубий (Катта) Орол денгизидан ажралиб кетган эди.

Жанубий Орол денгизи эса шарқий ва ғарбий қисмларга бўлиниб кетган бўлиб, улар фақат икки чекка нуқтада заиф тарзда боғланиб турган эди. 2001 йилга келиб жанубий боғланиш ҳам узилди ва кейинги бир неча йил ичида саёзроқ бўлган шарқий қисми тез суръатлар билан чекина бошлади. Хусусан, 2005-2009 йиллар оралиғида Амударё оқими қурғоқчилик туфайли камайиб, кейинчалик деярли тўхтаб қолгани сабабли Жанубий Оролнинг шарқий қисми катта йўқотишларга учради. Кейинчалик 2009–2018 йиллар давомида қуруқ ва сернам йилларнинг алмашиниши таъсирида сув сатҳи йилма-йил ўзгариб турди. 2014 йилда Жанубий Орол денгизининг шарқий қисми бутунлай йўқолди. 2018 йил ёзида сув сатҳи баҳорги қор эришидан кейин кутилгандек паст бўлмади.
Орол денгизи қуриб бориши билан балиқчилик соҳаси ва маҳаллий аҳоли жамоалари ҳам таназзулга юз тутди. Тобора шўрланиб бораётган сув ўғитлар ва пестицидлар билан ифлосланди. Қишлоқ хўжалиги кимёвий моддалари билан зарарланган очилиб қолган денгиз тубидан кўтарилаётган чанг аҳоли саломатлиги учун жиддий хавфга айланди. Тузли чанг денгиз тубидан кўтарилиб, далаларга чўкиб, тупроқ сифатини ёмонлаштирди. Экин майдонларини ювиш учун тобора кўпроқ дарё сувидан фойдаланишга тўғри келди. Бундай улкан сув ҳавзасининг иқлимни юмшатувчи таъсири йўқолиши натижасида қишлар совуқроқ, ёзлар эса иссиқроқ ва қуруқроқ бўлиб қолди.
Бу ҳақда АҚШ Миллий аэронавтика ва коинотни тадқиқ этиш агентлиги - science.nasa.gov нашри "Ўзгаришлар олами: қуриб бораётган Орол денгизи" ҳисоботида ёзган.
Орол денгизи фожиаси ва сув хавфсизлиги муаммоси

Орол фожиасининг сабаблари ҳақида сўз кетганда, халқаро ташкилотлар ҳисоботлари ва маҳаллий экспертлар фикри бир нуқтада туташади.
Ўзбекистонлик, халқаро экологик ва сув ресурслари лойиҳаларида иштирок этиб келаётган бир қатор мутахассисларнинг фикрича, Орол денгизи фожиаси учун энг катта масъулият Совет Иттифоқи давридаги режалаштириш сиёсати зиммасида. Чунки ўша вақтда Амударё ва Сирдарё сувларининг катта қисми пахта етиштириш учун ишлатилган. Натижада Орол денгизига сув кам келган ва денгиз қурий бошлаган. Бугунги кунда ҳам минтақа давлатлари сувдан самарали фойдаланиши керак. Иқлим ўзгариши ҳам вазиятни қийинлаштирмоқда.
Экспертларнинг таъкидлашича, минтақа олдидаги энг долзарб муаммолардан бири сув ресурсларининг камайиб бораётганидир. Помир ва Тян-Шан тоғларидаги музликларнинг қисқариши, иқлим ўзгариши натижасида ёғингарчиликнинг ўзгарувчан тус олиши ҳамда аҳоли ва иқтисодиётнинг сувга бўлган эҳтиёжининг ортиши босимни кучайтирмоқда. Бу ҳолат қишлоқ хўжалигида сувдан ҳануз самарасиз фойдаланилаётгани билан янада мураккаблашмоқда.
Қорақалпоғистондан Германиянинг Бонн шаҳригача: Орол денгизи фожиаси ҳақида дунёга сўзлаётган Рамуза

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Бироқ Орол фожиаси ҳақида рақамлар ва экспертлар хулосалари орқалигина эмас, балки унинг оқибатларини ўз ҳаётида ҳис қилиб яшаган инсонлар орқали ҳам тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин. BBC Ўзбек хизмати Оролбўйи минтақасида туғилиб ўсган, айни пайтда атроф-муҳит масалалари бўйича тадқиқот олиб бораётган мутахассис Рамуза Мухамметшерипова билан суҳбатлашди. Суҳбатни Азиза Қадам олиб борди.
BBC.COM/UZBEK: Қорақалпоғистоннинг оддий кўчаларидан Германиянинг Бонн шаҳригача. Кўпчилик учун бу шунчаки орзу. Лекин бугунги қаҳрамонимиз бу йўлни босиб ўтди. Унга ўрнак бўлган инсони - акаси. Бир йиллар оддий Қорақалпоқ оиласида улғайган қиз бугун жаҳоннинг энг катта логистик компанияси DHL да ишлайди. Аммо чет элдаги ҳаёт, Инстаграмдагидек чиройлими? Қорақалпоғистондан чиққан оддий қиз қандай қилиб Европанинг салоҳиятли ишида ўз ўрнини топди? Муваффақият ортида қандай босимлар va заҳмат бор? Суҳбатдошим, Германиядан Англияга меҳмонга келган Рамуза Мухамметшерипова. Рамуза ёшлигингиз ҳақида гапириб берсангиз.
Рамуза Мухамметшерипова: Мен Нукус шаҳрида туғилганман. Адам балиқчи бўлган онам оддий ҳисобчи, мактабда ҳисобчи бўлиб ишлаганлар.
BBC.COM/UZBEK: Германияга қандай келдингиз?
Рамуза Мухамметшерипова: Германияга 2024 йил, германия ҳукумати гранти орқали келганман. Бу менга магистратурада ўқиш имкониятини берди.
BBC.COM/UZBEK: Сиз бу грантни қандай ютиб олгансиз. Биламизки, Ўзбекистонда кўпчилик ёшлар бунга ҳаракат қилади?
Рамуза Мухамметшерипова: Ўқиш грантини олиш учун ариза топширилади, ариза ўтгандан кейин суҳбатга чақиришади. Сизнинг мотивациянгизни билмоқчи бўлади, ҳамда билимингизни ҳам текширишади. Кейин натижа чиқади, ва ўтган ўтмаганингиз ҳақида маълумот беришади. Ундан кейин Германияга келасиз. Бизга бу грант тил ўрганишга ҳам имконият яратиб берди. Икки ой немис тилини ўрганганмиз. Шундан сўнг ўқишни бошлаганман.

Сурат манбаси, Ramuza Muxammetsheripova
BBC.COM/UZBEK: Германияга кетаётганингизда энг катта қўрқув нима эди?
Рамуза Мухамметшерипова: Менда қўрқув бўлмаган. Чет давлатда ўқиш орзум бўлган. Шу билан бирга кўпроқ ҳаяжон бўлган. Орол денгизи фожиасини кўпчилик билади. Мен ўша минтақадан бўлганим учун бу масала мен учун жуда муҳим бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун мен бу дастурда ўқишга қарор қилиб Германия кетганман.
BBC.COM/UZBEK:Мана сиз Орол денгизи ҳақида айтиб ўтдингиз. Бу жаҳон бўйича тан олинган жуда катта фожиа. Ўзбекистонда ҳозир бир қатор халқаро ташкилотлар билан, жумладан Германия ҳукумати билан ҳамкорликда, лойиҳалар амалга ошириляпти. Сиз Германияда ўқиб, фаолият юритяпсиз, сизда кейинчалик ўз ватанимда ҳам қандайдир ишлар қиламан деган режангиз ҳам бўлганми?
Рамуза Мухамметшерипова: Бўлган. Ҳозирда шу дастур доирасида атроф-муҳитга яхши таъсир қиладиган нарсаларни ҳам ўргатишади. Шундай экан, буни кейинчалик Ўзбекистоннинг атроф-муҳитини яхшилаш учун қўллаш мумкин.
BBC.COM/UZBEK:Айнан Орол денгизи ҳудудидами?
Рамуза Мухамметшерипова: Орол бойи ҳудудида ҳам, Ўзбекистоннинг ҳамма жойига керак бу нарса. Ҳозир Ўзбекистонда сув муаммоси бор. Мен ўқиётган дастурда кейинчалик, мисол тариқасида айтяпман, сувни қандай қилиб тақсим қилишни ҳам ўргатишади.

BBC.COM/UZBEK: Отангиз фаолияти ҳақида ҳам гапириб берсангиз. Чунки Қорақалпоғистонда балиқчилик, бир неча ўн йиллар олдин, Орол денгизи фожиага юз тутмасдан олдин балиқчилик соҳаси катта бўлган. Демак сизнинг отангиз балиқчи бўлган, шундай эмасми?
Рамуза Мухамметшерипова: Балиқчи бўлган ва бу касбни у ўз отасидан ўрганган. Чунки менинг бувам ҳам балиқчи бўлган. Уларинг балиқ етиштирадиган фермерчилик хўжалиги бўлган. Ҳозирги пайтда сув билан муаммо бўлганлиги учун фаолиятни тўхтатиб қўйганлар. Ёшлигимда акам кўп мотивация берган. Менга у рол модел бўлиб ҳисобланган. Кичкиналигимда чет элга чиқиш, у ерда ўқиш орзуга ўхшарди. Лекин акам кейинчалик Вестминстер универсистетига грант асосида ўқишга кирган, ўқиётган пайтида Америкага ҳам бориб келганлар.
BBC.COM/UZBEK: Рамуза бир пайтлар сизда "Мендан ҳеч нарса чиқмайди" деган қўрқув ҳам бўлганми?
Рамуза Мухамметшерипова: Ҳозирдаям бўлиб туради. Кичик пайтимда, "Ман бунақа қила олмайман" деганман. Лекин шу айтиб ўтганимдек, акам менга кўп туртки бўлган. Кўп нарсани исботлаган, "Қила оласан" деб. Ҳозир оилали бўлсаям, у ўз устида ишлашни тўхтатмайди.
BBC.COM/UZBEK: DHL дунёнинг энг катта логистик компанияси ҳисобланади. Сиз қандай қилиб бу компанияда ишлашга муваффақ бўдингиз?
Рамуза Мухамметшерипова: DHL бу логистик компания лекин мен ишлаётган жой - ҳаводаги заҳарли газларни камайтириш бўйича лойиҳа. Мен ҳозир шу соҳада ўқиётганим сабабли бу менга катта плюс бўлиб ҳисобланган. Бундан ташқари битта лойиҳани татбиқ қилишим керак бўлган. Мен лойиҳани тайёрлаганман, уларга кўрсатганман. Уларга менинг лойиҳам маъқул бўлганидан кейин, менга шу ишни таклиф қилишган. Кичкина пайтимда Орол денгизи, Орол фожиаси менга жуда яқин нарса бўлган. Университетда бир пайт шу мавзу айтиб ўтилган. "Бу фожиани ким билади" деганларида, мен қўлимни кўтарганман. "Мен ўша жойданман, мен айтиб бера оламан", деганман. Айтаётганимда бўғзим тиқилиб, гапиролмай қолганман, озгина йиғлаб юборганман ҳам. Шунинг учун, назаримда, шу нарсани ўқишга, ўрганишга қарор қилганман. Ҳозирда ҳам университетда ўқияпман, ва ҳам амалиёт орқали ҳам ўрганиб келяпман. Бу мен учун жудаям яқин ва қадрли мавзу.

BBC.COM/UZBEK: Оиладан узоқда яшаш сизни қанчалик ўзгартирди?
Рамуза Мухамметшерипова: Оиладан узоқда яшаш мени кучлироқ қилди, чунки оиладан узоқдасиз, ва ҳар доимгидек сизга ёрдам берадиган яқинларингиз ёнингизда йўқ. Узоқда лекин бошқача бўлади... Мустақил яшашни ўрганасиз, ҳаётга бошқача назар, ҳақиқий назар билан қаршини ўрганасиз. Шундай қилиб кучайтиради ва одам қилади.
BBC.COM/UZBEK: Мана сиз ҳозир Қорақалпоғистондан келиб Германиянинг салоҳиятли ташкилотида ишлаяпсиз. Иш фаолиятингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз?
Рамуза Мухамметшерипова: Бутун жаҳон бўйлаб, Америка, Австралия, Осиё давлатларидан ҳамкасбларим билан йиғилиб, бир-биримиз билан барқарор ривожланиш бўйича қилинган ишлар ҳақида тажриба алмашамиз. Бошқа ҳамкасбларим, уларга тўғри келадиган тажриба бўлса, уни ўз иш фаолиятида қўллашлари мумкин. Ўша томондаям шу ҳавога чиқаётган заҳарли газларни камайтириш учун. Ташкилотимиз глобал бўлганлиги учун биз қараб туришимиз керак, қаерда қандай ривожланиш бўляпти. У одамларга кейин чиқишимиз мумкин, уларга мен электрон мактуб ёзаман. Ўзбекистондаям дастурларда ишлаганман. Биз у ерда ҳам шунга ўхшаган платформа яратиб берганмиз. Ўқитувчилар бир-бири билан ўзаро тажриба алмашишган. Бизга кейинчалик улар айтишганки, олдинлари ўз тажрибасини алмашиш учун уларда платформа бўлмаган - айрим ҳолларда бўлишишни хоҳлашмаган ҳам.

BBC.COM/UZBEK: Кўпчилик блогерлар чет элларга бориб видеолар қўйишади, диққатга сазовор жойлар жуда-жуда чиройли кўринади. Чет элдаги ҳаёт Инстаграмдагидек идеалми?
Рамуза Мухамметшерипова: Афсуски йўқ. Хориж давлатга ўтганингиздан кейин, яшаётганингизда, у ерга таълим учун кўчсангиз, ҳаётни қайтадан бошлаётгандек бўласиз. Мен Германияга кўчдим ва олдин немис тилини билмасдим. Янги туғилган боладек, тил ўрганасиз, гапиришни, юришни ўрганасиз. Одамлар билан гаплашишни ўрганасиз. Яна дўст орттиришингиз керак.
BBC.COM/UZBEK: Муваффақият учун энг катта йўқотиш нима бўлди деб ҳисоблайсиз?
Рамуза Мухамметшерипова: Энг катта йўқотиш - оиладан узоқ яшаш. Жудаям соғинасиз. Улар билан бирга вақт ўтказишни, кечқурун уйга келиб, оила атрофида, овқат ейиш гаплашишни хоҳлайсиз.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
BBC.COM/UZBEK Лекин барибир шу Ўзбекистондаги оилавий қадриятлар, иссиқлик сақланиб қоладими, одамда?
Рамуза Мухамметшерипова: Ҳа албатта, ишлаётган жойимда менга: "Сен жудаям яхши инсонсан, сендан қанақадир нур таралиб туради. Жудаям меҳмондўстсан. Одамлар билан кулиб, ҳурмат билан гаплашасан" дейишади. Улар ўйлашадики бу фақат менинг табиатим деб. Мен уларга: "Ўзбекистонда ҳаммамизда шунақа. Bу бизнинг маданиятимиз", дейман. Бу бизнинг қанақадир кучимиз. Бизлар одамлар билан киришиб кетишимиз ҳам.
BBC.COM/UZBEK: Демак бизнинг маданиятимиз, миллий урф - одатларимиз бизга куч бағишлайди, шундай эмасми?
Рамуза Мухамметшерипова: Шундай-шундай. Улар менга: "Bу сенинг кучли тарафинг бўлиб ҳисобланади", деб айтишади. Мен шу билан ғурурланаман. "Мен Ўзбекистонданман, ҳа бу биз учун одатий нарса", деб айтаман уларга.
'Bu fojiani kim biladi?' deganlarida, 'Men o‘sha joydanman, men aytib bera olaman', deganman. Aytayotganimda bo‘g‘zim tiqilib, gapirolmay qolganman, ozgina yig‘lab yuborganman ham.
BBC.COM/UZBEK: Ўзингизни бахтли деб ҳисоблайсизми?
Рамуза Мухамметшерипова: Ҳа, албатта. Мен ўзимни бахтли деб ҳисоблайман. Чунки менинг орзуларим бўлган. Мен уларни амалга оширганман. Европа стандарти бўйича таълим оляпман. Дунёдаги энг катта логистик компаниялардан бирида ишлаяпман. Жудаям яқин ва яхши дўстларим бор. Ҳамкасбларим ҳам жудаям яхши. Оилам ҳам ҳар доим мени қўллаб-қувватлагани учун мен ўзимни жуда бахтли инсон деб ҳисоблайман.
BBC.COM/UZBEK: Агар бугунги ақлингиз билан Қорақалпоғистондаги ўша қизалоқ пайтингиздаги ўзингизга қарата нима деган бўлардингиз?
Рамуза Мухамметшерипова: Ўзингни бошқалар билан солиштиришни бас қил, ҳар кимнинг йўли бошқа. Агар қандайдир орзуларинг бўлса уларга эришишдан ва уларни амалга оширишдан тўхтама деб айтган бўлар эдим. Ҳозирда имконсиздек туюлаётган нарсалар кейинчалик ҳаётингнинг бир қисми бўлиб қолади, деган бўлардим. Фақатгина ҳаракат қилишдан ва орзу қилишдан тўхтама деб айтиб қолардим ўзимга.
Оролбўйи келажаги учун халқаро саъй-ҳаракатлар

Бугун Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш ва сув ресурсларини самарали бошқаришга қаратилган бир қатор халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда.
БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) маълумотига кўра, 2025 йил март ойида «Яшил Орол денгизи» ташаббусининг навбатдаги босқичи доирасида Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги қуриб қолган Орол тубининг 80 гектар майдонига 80 минг туп саксовул кўчати ўтқазилди. Лойиҳанинг мақсади қум ва туз бўронларини камайтириш ҳамда ҳудуд экотизимини тиклашдан иборат.
Оролбўйи минтақасида экологик тикланиш билан бир қаторда аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган дастурлар ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги лойиҳалари маҳаллий аҳоли учун янги иқтисодий имкониятлар яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Европа Иттифоқи ҳам Оролбўйида ерларни тиклаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган бир қатор экологик ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширган.
Шунингдек, Global Green Growth Institute (GGGI) ҳам Қорақалпоғистонда иқлим ўзгаришига мослашиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасида эса ЖССТ (WHO), ЮНИСЕФ ва бошқа БМТ агентликлари иштирокида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва экологик инқирознинг саломатликка таъсирини камайтиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Жаҳон банки Марказий Осиёда трансчегаравий сув ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун 20 миллион долларлик грант ажратганини маълум қилди.
Жаҳон банки томонидан тасдиқланган мазкур дастур Марказий Осиёда сув самарадорлиги бўйича ҳамкорлик лойиҳасини (CAWEC) молиялаштириш учун ажратилган бўлиб, лойиҳа Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси (IFAS) томонидан амалга оширилади. Лойиҳада Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон иштирок этиши айтилади.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, сув ва энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича ҳамкорликнинг чеклангани минтақа давлатларига ҳар йили 4,5 миллиард доллардан ортиқ зарар келтирмоқда. Банк таъкидлашича, сув омборларидан ўзаро мувофиқлаштирилмаган ҳолда фойдаланиш, маълумотлар алмашинувининг етарли эмаслиги ҳамда эскираётган инфратузилма минтақанинг самарали ҳамкорлик орқали қўлга киритиши мумкин бўлган иқтисодий ва ижтимоий фойдани чеклаб қўймоқда.
Лойиҳа минтақавий институтларни мустаҳкамлаш, сув ҳисобини юритиш ва маълумот тизимларини модернизация қилиш, шунингдек, маълумотлар алмашинувини яхшилашни назарда тутади.
Жаҳон Банкининг мазкур дастури ҳақида бугун Times of Central Asia нашри ёзди.
Айтилишича, Оролбўйидаги халқаро ташаббуслар Ўзбекистон ҳукумати, давлат идоралари ва маҳаллий ҳамкорлар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Мутахассислар фикрича, минтақа мамлакатлари, айниқса Амударё ҳавзасида жойлашган давлатлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши керак. Сув ресурсларига фақат миллий эмас, балки умумий минтақавий бойлик сифатида қараш муҳим. Бунинг учун мамлакатлар сув ресурсларига оид маълумотлар алмашинувини кенгайтириши, сувни тежайдиган технологияларни фаол жорий этиши, шунингдек, техник ва сиёсий мулоқотни, сув дипломатиясини кучайтириши зарур.































