"Маша ва Айиқ" Путиннинг яна бир қуролими? Лондон хавотирда

Сурат манбаси, TWITTER/X
Буюк Британиядаги турли сиёсий партиялар вакилларидан иборат катта бир гуруҳ мамлакат маданият вазирига мурожаат қилиб, Россиянинг "Маша ва Айиқ" мултсериали намойишини тўхтатишга чақирди.
Уларнинг фикрича, ушбу мультсериал Россиянинг Ғарб аудиториясига таъсир ўтказиш учун қўллаётган "юмшоқ куч" воситаларидан бири ҳисобланади.
Netflix платформаси "Маша ва Айиқ" мултсериалини сўнгги 11 йилдан бери намойиш қилиб келмоқда.
Бу йил компания мултсериалнинг саккизинчи ва тўққизинчи мавсумларини ҳам эфирга узатиш ҳуқуқини сотиб олди.
Сериал воқеалари шўх ва қувноқ қизалоқ Маша ҳамда циркдан нафақага чиққан Айиқ атрофида кечади.
Шунингдек, асарда Айиқ ошиқ бўлган айиқ аёл, турли ўрмон ҳайвонлари, Машанинг Москвада яшайдиган амакиваччаси ва ҳатто ўзга сайёралик меҳмонлар ҳам қатнашади.
Кулгу ё қурол?

Сурат манбаси, John Keeble/Getty Images
Британия маданият вазири Лиза Нандига йўлланган мактубни олти сиёсий партиядан бўлган 50 нафар депутат имзолаган.
Улар орасида Лейбористлар партияси, Консерваторлар партияси, Либерал-демократлар, Яшиллар партияси, Шотландия миллий партияси ҳамда Уэлснинг Plaid Cymru партияси вакиллари бор.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Депутатлар мултсериални ташвиқот воситаси деб баҳолаб, бу пропаганда "унчалик ҳам беозор эмаслигини" таъкидлашган.
Бироқ, аввал бу мавзуни танқид қилганлар каби, парламент аъзолари ҳам асосан сериалнинг энг эски қисмларидан бири, "Чегара мустаҳкам ҳимояда" номли эпизодга таянишган (бу қисм Россия Украинага босиб киришидан анча олдин, 2010 йил кузида эфирга чиққан, Netflix платформасида эса 2015 йилда пайдо бўлган).
Унда Маша Айиқнинг томорқасини қўриқлашга ҳаракат қилиб, аввал кўк гардишли ва қизил юлдузли фуражка кийиб олади (шунга ўхшаш фуражкаларни НКВД ходимлари кийишган), сўнгра эса танкчи шлемини тақади.
Дастлаб мултсериал томошабинлар орасида асосан ижобий баҳоланган.
Бироқ мултфилм сюжетлари Россия пропагандасининг бир кўриниши бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар Россиянинг 2022 йил феврал ойида Украинага босиб киришидан аввал ҳам билдирилган эди. Бундай фикрлар Финляндия, Эстония ва Литвада айтилган.
Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли тажовузи бошланганидан кейин танқидчиларнинг овози янада кучайди.
Netflix мултсериалнинг янги мавсумларини намойиш этиш ҳуқуқини сотиб олгани ҳақидаги хабарга Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна ҳам муносабат билдирди.
Rossiya faqat raketa bilan emas, balki narrativ va hikoyalar orqali ham urush olib bormoqda. "Masha va Ayiq" Kremlning yumshoq kuch vositalaridan biri.
У ижтимоий тармоқларда шундай ёзди:
"Россия фақат ракета билан эмас, балки нарратив ва ҳикоялар орқали ҳам уруш олиб бормоқда. "Маша ва Айиқ" Кремлнинг юмшоқ куч воситаларидан бири бўлиб, болаларга мўлжалланган кўнгилочар контент орқали Россия ҳукуматини қўллаб-қувватловчи ҳамда ҳарбий руҳни тарғиб қилувчи тасвирларни сингдирмоқда, шу орқали Россия агрессияси ва империявий интилишларини одатий ҳол сифатида қабул қилдиришга хизмат қилмоқда.
Агар болалар маҳсулотида нацистлар рамзлари ижобий тарзда кўрсатилганида, дунё бунга тоқат қилмаган бўларди. Совет рамзлари ҳам худди шундай аниқ ахлоқий баҳога лойиқ".
Цахкна, шунингдек, Эстония халқи ва бошқа кўплаб миллатлар учун НКВД рамзлари босиб олиш, оммавий қатллар ва мажбурий кўчиришларни эсга солишини таъкидлади.
Қўрқинчли Маша
Мултсериалнинг расмий Twitter (ҳозирги X) саҳифасида 2015 йил апрелида фуражка тасвирланган сурат жойлаштирилган эди. Сурат остида: "Эй, мен энди армиядаман", деган ёзув бўлган.
Британия депутатлари ўз мурожаатида НКВД СССРда ўнлаб миллион кишининг мажбурий кўчирилиши, қатл этилиши ва таъқиб қилинишига масъул бўлганини эслатади.
Депутатларнинг фикрича, бундай реклама совет ҳарбий эстетикасини глобал ёш аудитория учун фаол равишда одатий ҳолга айлантирмоқда.
Буюк Британияда мултсериал Netflix билан бир қаторда ITV телекорпорациясига тегишли ITVX онлайн видео платформаси орқали ҳам намойиш этилади. Депутатлар ўз мурожаатида шундай дейишади:
"Бу мултсериал Британия болаларига энг йирик глобал платформа ва машҳур британ телеканали орқали етиб бормоқда. Биз буни қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисоблаймиз. Британиялик ота-оналар болаларига лицензияланган платформалар орқали тақдим этилаётган контент синчиклаб текширилган бўлишига ишонишга ҳақли, айниқса иттифоқчиларимиз давлат пропагандаси бўйича асосли шубҳалар билдирган ҳолларда".
Мултсериални ишлаб чиқарувчи Animaccord студияси пропаганда ҳақидаги айбловларни рад этмоқда.
Компания 2025 йилда Россиядан бутунлай чиқиб кетганини маълум қилган ва сериални яратишда Россия давлатининг ҳеч қандай молиявий иштироки йўқлигини таъкидлаган.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Британиянинг The Guardian нашри Animaccord манфаатларини ҳимоя қилувчи машҳур Голливуднинг PR бўйича маслаҳатчиси Мелани Бонвичинонинг сўзларини келтиради:
"Мижозим "Маша ва Айиқ" мултсериали қандайдир тарзда пропаганда билан боғлиқ деган ёлғон ва туҳматли иддаоларни қатъий рад этади".
Шунга қарамай, мактубни имзолаган депутатлар студия Кипрда рўйхатдан ўтган бўлса ҳам, ҳамон Россияда солиқ тўлаётганини таъкидлайди. Маданият вазирига йўлланган мурожаатда шундай дейилади:
"Халқаро стриминг хизматлари орқали олинган даромадлардан тушадиган солиқлар, шу жумладан, Россия давлатини молиялаштиришга хизмат қилмоқда. Бу маблағлар ҳажми катта. Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, фақат Европадаги томошалардан келадиган реклама даромадининг ўзи йилига миллионлаб долларни ташкил этади [...] Netflix ёки ITVX орқали ушбу мултсериални томоша қилаётган Британия болалари эҳтимол ана шу даромадни шакллантираётган аудиториянинг бир қисмидир. Бу эса аслида Россиянинг ҳарбий машинасини молиялаштиришга ҳисса қўшаётган студияга даромад келтириши мумкин".































