Ўзбек болалари $6 доллар учун кунига 1000 та ғишт қуйишга мажбур. Видео

Афғонистонда оғир болалар меҳнати, коллаж.

Сурат манбаси, taqdim/gettyimages

Сурат тагсўзи, Қашшоқлик, ишсизлик ва ижтимоий норозилик айнан Афғонистон мисолида ички ва ташқи қочқинлар оқими, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, диний мутаассибликни кучайтириши ва алал-оқибат исёнчиликни қайта оловлантириши мумкин бўлган асосий омиллар бўлиб келган.
Published
Ўқилиш вақти: 10 дақ
Афғонистон шимолида оиласи билан бирга ғишт қуяётган Самиуллоҳ.

Сурат манбаси, screenshot

Сурат тагсўзи, Самиуллоҳ тирикчилик учун бугун уч укаси билан бирга ғишт қуйишга мажбур. Укаларидан бири ўн беш, ўн уч ёшда бўлса, бошқаси ундан ҳам кичик. 9 жондан иборат бутун оиланинг тирикчилиги улар ғишт қуйиб топаётган ҳаминқадар пул орқасидан ўтади.

Аҳвол шунчаликми - хавотирлар кучаймоқда...

1000 та ғишт учун $6 доллар

Афғонистон шимолидаги ғишт қуяётган болалар.

Сурат манбаси, screenshot

Сурат тагсўзи, Афғонистондаги ғишт қуйишга мажбур оилалар ҳафтасига топган бир неча ўн доллар пулларига рўзғорларини тебратишади, ижара ҳаққи, сув, ўтин, чироққа пул тўлашади, оддийгина ейиш-ичиш, даволаниш ёки тўй қилиш учун олган катта миқдордаги қарзларини қайтаришга уринишади.

Бугун тирикчилик илинжида мактаб ёшидаги болалари билан ғишт қуйишга мажбур оилалар сони ортаётгани яна хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Ҳозир 19 ёшда бўлган қаҳрамонимиз Самиуллоҳ оиланинг тўнғичи.

У ҳаётида мактабга бормаган.

Асли Афғонистоннинг шимолий Сарипул вилоятидан. Оиласи тўққиз жондан иборат, ука ва сингиллари ҳали мактаб ёшида.

Аммо улар бугун ўз турар-жойларини тарк этиб, тирикчилик учун Балх вилоятида ғишт қуйишга мажбур, мавсумий меҳнатда банд.

Бутун бошлик оилани бунга Афғонистонда яна чуқур илдиз отиб бораётган ишсизлик ва қашшоқлик ундаган.

Самиуллоҳ уч укаси билан бирга ғишт қуяди. Укаларидан бири ўн беш, ўн уч ёшда бўлса, бошқаси ундан ҳам кичик.

Аммо тўрттовлон ярим соатча тушлик билан кунига 16-17 соатлаб меҳнат қилади.

Эрталаб соат 06:00 да иш бошлашса, кечки 23:00 гача тиним нималигини билмайди.

Ҳафтасига фақат бир кун дам олишади.

"Ишсиз эдик. Бирорта ҳам иш йўқ эди. Рўзғорни ўтказиш, пул топиш учун мажбурликдан кейин бу ерга келдик", - дейди Самиуллоҳ.

Оиланинг хотин-қизлари ҳам бир четда қараб туришмайди, онаси ва сингиллари уларга офтобда қуриган ғиштларни тахлашда кўмаклашишади.

Бунга ўхшаган оилалар жазирама иссиқда ҳам имкон қадар ишлашга ҳаракат қилишади, ишларини деярли тўхтатишмайди, айримлари кечаси билан бўлса-да, ишлаб чиқишади.

Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош шимолида ёзда жуда иссиқ бўлади, ҳаво ҳарорати +40 ва ҳатто ундан юқорироққа етади.

Самиуллоҳ.
screenshot
Ishsiz edik. Birorta ham ish yo‘q edi. Ro‘zg‘orni o‘tkazish, pul topish uchun majburlikdan keyin bu yerga keldik.
Samiulloh
Afg‘onistonlik g‘isht quyishga majbur yigit (batafsil: bbc.com/uzbek da).
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Уларнинг айтишларича, ғишт қуяётган жойларида ҳатто тоза ичимлик суви йўқ, қўлбола қудуқдаги шўр сувни ичишади.

Тоблари қочган пайтда ён-атрофларида тиббий ёрдам ҳам имконсиз, ярим соат оёқда, кейин эса ҳатто тракторда бўлсин, Балх марказига боришларига тўғри келади.

Ўзлари қуйган ғиштдан тикланган тому, эшик ва деразасиз вақтинчалик қўлбола бошпаналарида яшашади.

Укалари ҳам пул топиш, оилаларини боқиш мажбурияти остида таҳсилларини ташлашган ёки умуман мактабга чиқишмаган.

Тўрттовлон кунига 1000 та ғишт қўйишса, бор-йўғи $6 долларча пул ишлашади.

Айтишларича, шу боис, тўрттовлашиб, ҳар кун уч мингтача ғишт қуйишга уринишади.

Қуйган ғиштларини маҳаллий ширкатлар сотиб олишади, иш ҳақларини уларга ҳафтабай тўлашади.

Афғонистондаги бунга ўхшаш оилалар ҳафтасига топган бир неча ўн доллар ана шу пулларига рўзғорларини тебратишади, ижара ҳаққи, сув, ўтин, чироққа пул тўлашади, оддийгина ейиш-ичиш, даволаниш ёки тўй қилиш учун олган катта миқдордаги қарзларини қайтаришга уринишади.

Афғонистон шимолида янги хавотир ёки таҳсил ўрнига нон учун кураш - видеони кўриш учун қуйида илова қилинган линкни босинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Афғонистонда ғишт қуйишга мажбур хотин-қизлар.

Сурат манбаси, screenshot

Афғонистонда ғишт қуйишга мажбур хотин-қизлар.

Сурат манбаси, screenshot

Афғонистонда ғишт қуйишга мажбур хотин-қизлар.

Сурат манбаси, screenshot

Худди ўша жойда ишлаётган айрим оилалар мисолида ҳатто хотин-қизлар ҳам эркаклари билан биргалашиб ғишт қуйишади.

Маҳаллий фаолларнинг айтишларича, бугун Самиуллоҳникига ўхшаш оилаларнинг сони биргина Афғонистон шимолининг ўзида ўнлаб....

Ғишт қуйиш каби оғир кўча меҳнатида банд болаларни эса Балхдан тортиб, Таҳоргача кузатиш мумкин, дейишади улар.

Оғир кўча меҳнатининг афғон болалари жисмоний саломатлиги ва руҳиятига таъсири эса ҳатто халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб энг оғриқли муаммолардан бири бўлади.

"Бу болалар аслида 8, 10, 12 ёшда. Аммо яқинига бориб қарасангиз, улар 18, 20 яшарга ўхшашади. Ёшларига нисбатан шунчалик қариб қолишган", - дейди ўзи ҳам узоқ йиллардан бери болалар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келаётган маҳаллий афғон фаолларидан бири Мингмуҳаммад Ҳамдил.

G'isht quyayotgan bolalar.
skrinshot
Bu bolalar aslida 8, 10, 12 yoshda. Ammo ularga yaqindan borib qarasangiz, 18, 20 yasharga o‘xshashadi. Yoshlariga nisbatan shunchalik qarib qolishgan.
Mingmuhammad Hamdil
Bolalar huquqlari faoli (batafsil: bbc.com/uzbek da tanishing).
Балх вилояти маркази Мозори Шариф шаҳри.

Сурат манбаси, Jorge Fernández/LightRocket via Getty Images

Сурат тагсўзи, Хабарларга кўра, вилоятда қурилиш ишлари Толибон қайтганидан кейин ҳам тинмаган ва ғиштга бўлган талабнинг ҳозир ҳам яхшилиги Афғонистон шимолидаги ишсиз, доимий даромадсиз кўплаб оилалар учун бугун нақд пул топишнинг саноқли имкониятларидан бирига айланган.

Ўзбекистонга чегарадош Балх эса яқин-яқингача Афғонистоннинг анчайин фаровон саноқли вилоятларидан бири сифатида кўриб келинган.

Хабарларга кўра, вилоятда қурилиш ишлари Толибон қайтганидан кейин ҳам тинмаган ва ғиштга бўлган талабнинг ҳозир ҳам яхшилиги Афғонистон шимолидаги ишсиз, доимий даромадсиз кўплаб оилалар учун бугун нақд пул топишнинг саноқли имкониятларидан бирига айланган.

Ғарб томонидан дастакланган ва Толибон томонидан қулатилган афғон ҳукумати даврида ҳам Афғонистонда ғишт қуйиш билан шуғулланувчи болаларнинг сони юз минглаб экани айтилган

Афғонистондаги янгидан янги қурилишлар ғиштга бўлган талабни янада кучайтираркан, ўшанда бу иш билан асосан четдан, айниқса, Покистондан қайтган муҳожир оилалар шуғулланишган.

Аммо ҳатто ўшанда ҳам қатор халқаро ташкилотларнинг жиддий хавотир ва даъватлари ҳам Афғонистондаги узоқ йиллик мазкур муаммога барҳам бера олмаган.

Афғонистон минтақанинг аҳолиси кўп давлатларидан бири саналади.

Давомий урушлар сабаб, узоқ йиллар давомида мамлакат аҳолиси расман рўйхатга олинмаган.

Аммо турли манбаларда Афғонистон аҳолисининг сони 45 миллондан ортиши айтилади.

Аҳолиси жуда ёш, фуқароларининг тахминан 63 фоизини 25 ёшгача бўлганлар ташкил қилишига оид рақамлар бор.

Афғонистон, бошқа томондан, Ўзбекистондан кейин дунёнинг Ўзбеклар энг кўп яшовчи иккинчи давлати бўлади.

Улар, асрларки, айнан Афғонистоннинг шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида яшаб келишади.

Муаммо янада кучайдими?

Афғонистонда ғишт қуйишга мажбур болалар.

Сурат манбаси, screenshot

Афғонистонда ғишт қуйишга мажбур болалар.

Сурат манбаси, screenshot

Афғонистонда ғишт қуйишга мажбур болалар.

Сурат манбаси, screenshot

Афғонистонда ғишт қуйишга мажбур болалар.

Сурат манбаси, screenshot

Афғонистон узоқ йиллик урушлардан энди-энди чиқаётган давлат.

2021 йилда Толибон мамлакатда Ғарб томонидан дастакланган ҳукуматни қулатган.

Афғонистонни яна ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган.

Аммо шу вақт оралиғида ҳукуматини фақат Россиягина расман тан олган.

Толибон ҳокимиятга келганидан сўнг Афғонистон иқтисодиёти чуқур инқирозга юз тутган.

Толибон ҳукумати қудратни куч билан эгаллагани, халқаро ҳамжамиятнинг талабларини бажармагани боис, Ғарб Афғонистонга бериб келаётган аксарият ёрдамларини тўхтатиб қўйган.

Xорижий ёрдамларнинг тўхтатилиши, марказий банк резервларининг музлатилиши Афғонистондаги иқтисодий аҳволни янада оғирлаштирган.

Камбағал оилалар қашшоқлашиб, ишсизлик аввалгисидан ҳам ортган, миллионлаб инсонларнинг очарчиликка юз тутиши мумкинлигига оид хавотирлар кучайган.

Ўшанда мамлакатнинг 95 фоиз аҳолиси қорни тўйиб овқат емаслигига оид рақамлар ҳам айтилган.

Толибон ҳукумати яна хотин-қизларнинг аксарият соҳаларда ишлашларини ҳам тақиқлаган.

Мавжуд ҳолат ҳам кўплаб оилаларнинг иқтисодий аҳволларини янада оғирлаштирган.

Хотин-қизлар Афғонистон аҳолисининг ярмига яқинини ташкил этишади.

Узоқ йиллик урушлар манзарасида кўп ҳолларда айнан улар оилаларининг асосий ёки ягона боқувчиси бўлиб келишган.

Натижада, ғишт қуйиш бўладими ёки бошқа, оғир кўча меҳнатини қилишларига тўғри келаётган болаларнинг сони янада ортган, муаммо аввалгисидан-да чуқурлашган.

Айрим нуфузли нашрларда шу ойларда эълон қилинган маълумотларга қаралса, Афғонистонда юзага келган бу каби иқтисодий аҳвол мактаб ёшидаги болалар илова миллионлаб одамни ана шундай куйга солган.

Уларни тирикчилик илинжида ўз уй-жойларини тарк этиб, мактабни ташлаб, имконли бўлган ҳар қандай ишни қилишга ундаган.

Агар, шу йилнинг март ойида эълон қилинган халқаро ҳисоб-китобларга таянилса, Афғонистонда қарийб 9 миллион бола ёки уларнинг ҳар учтадан биттаси қаттиқ очарчиликка дуч келмоқда.

Яна беш ёшгача бўлган 4 миллионга яқин бола қаттиқ тўйиб овқат емасликдан азият чекаётир.

"Хюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотининг 2024 йилги ҳисоботида айтилишича эса, Афғонистондаги иқтисодий инқироз қарийб чорак миллионга яқин одамни инсонпарварлик ёрдамига муҳтож қилиб қўйган.

Бундан, айниқса, хотин-қизлар қаттиқ жабр чеккан, дейди ташкилот.

"Save the Children" халқаро жамғармаси яна Афғонистонда ўтган ва шу йилнинг январи оралиғида уч юздан ортиқ бола мина ёки бошқа портловчи воситаларга дуч келиб, ҳаётдан кўз юмган ёки майиб бўлиб қолган бўлса, уларнинг орасида сотиб, пул топиш илинжида темир-терсак йиғиб юрганларининг ҳам борликларига ўзининг алоҳида эътиборини қаратган.

Яқинда Афғонистондан қашшоқлик, қарз ва чорасизлик туфайли ўз қизларини сотишга тайёр оталарга оид хабарлар ҳам олинган.

Шу ойларда олинган хабарларга кўра, Афғонистон дунёдаги энг оғир озиқ-овқат инқирозларидан бирига дуч келмоқда.

Афғонистонга ёрдамларнинг кескин қисқартирилиши, Толибон ҳукуматининг сиёсати ва қақшатқич қурғоқчиликлар вазиятни янада ёмонлаштирган.

Бу ақл бовар қилмас оқибатларга сабаб бўлган.

Тўрт афғондан учтаси бугун озиқ-овқат, иш ва тиббий ёрдам олишда қийналмоқда.

Фавқулодда очлик даражаси 4,7 миллион киши, яъни аҳолининг ўндан бир қисмидан кўпроғини қамраб олади, бу уларнинг очарчиликдан бир қадам нарида эканлигини англатади.

Қўшни Покистон ва Эроннинг катта сондаги афғон қочқинларини ортга қайтариш сиёсатини кучайтириши эса Афғонистонда шундоқ ҳам оғир бўлган вазиятни янада қийинлаштирган.

Янги хавотирлар

Афғонистондаги қақшатқич қурғоқчилик оқибатлари.

Сурат манбаси, Lynsey Addario, with funding by the National Geographic Society/Getty Images

Сурат тагсўзи, Сўнгги йилларда Афғонистонда бир томондан ғайриодатий ёғингарчиликлар, ҳалокатли сув тошқинлари, бошқа тарафдан қаттиқ қурғоқчиликлар ҳам янада кучайган.
Афғонистондаги ҳалокатли сув тошқинлари оқибатлари

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Афғонистон дунёнинг глобал иқлим ўзгаришидан қаттиқ зарар кўражак давлатлари сирасига ҳам киради.

Сўнгги йилларда Афғонистонда бир томондан ғайриодатий ёғингарчиликлар, ҳалокатли сув тошқинлари, бошқа тарафдан қаттиқ қурғоқчиликлар ҳам янада кучайган.

Бундан энг кўп яна Афғонистоннинг шимолий ва шимолий-шарқий вилоятлари зиён чекаётгани кўрилган.

Бу минтақаларда ҳам аксарият, асрларки, деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик билан шуғулланиб келган.

Аммо устма-уст кузатилаётган қурғоқчиликлар уларни асосий даромад манбаларидан мосуво қилган, иш, тирикчилик, рўзғор илинжида минглаб оилалар ўз турар-жойларини ташлаб, дарбадарликка юз тутган, четга меҳнат муҳожирлигига юз тутаётган одамларнинг сони янада ортган.

Айни манзарада уларнинг орасида олий маълумотлиларининг ҳам ошиб бораётгани бугун алоҳида эътибор ва хавотирга молик воқеъликка ҳам айланган.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга очган уруши, Туркияда кучайиб бораётган аксил-миграцион сиёсат эса уларнинг четда пул ишлаш имкониятларини ҳам янада қийинлаштирган.

Афғонистон шимолида кучайиб бораётган қурғоқчиликнинг болаларга таъсири қанчалик ёмон бўлаётганига "Болаларни асранг ёки Save the Children" халқаро болалар жамғармаси шу йил март ойида эълон қилган янги ҳисобот ҳам далолат қилган.

Мазкур ҳисоботда айтилишича, Афғонистоннинг қаттиқ қурғоқчиликдан азият чеккан шимолий вилоятларидаги оилаларнинг деярли учдан икки қисми болалар меҳнати кўпайганлигини айтишган.

Уларга кўра, бу тенденция ўтган икки йил ичида кучайган.

Халқаро жамғарма ҳисоб-китобларига кўра, у ерларда ҳозир ҳар беш боладан фақат биттасигина мактабга боради.

Маълум бўлишича, жамғарма ўзининг тадқиқотларини ўтган йилнинг сентябрида Афғонистоннинг шимолий Балх, Жаузжон, Сарипул ва Фарёб вилоятларида олиб борган.

Худди шу тадқиқотлар тирикчилик воситаларининг йўқолиши, озиқ-овқат тақчиллиги ва дарбадарлик болаларни ишлашга ундаётган асосий омиллар эканинини кўрсатган.

Респондентларнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғи 2025 йил сентябригача бўлган тўрт ой ичида ишдан айрилганини айтган.

Халқаро жамғарма, ўз ўрнида, болалар нега мактабга бора олмаётганининг асосий омилларини ҳам аниқлашга ҳаракат қилган.

Маълум бўлишича, 79 фоиз ҳолатда бунга молиявий қийинчиликлар ва оилаларига ёрдам бериш учун болаларнинг ишлашларига тўғри келаётгани сабаб бўлган.

Сўнгги тўрт йил ичида кузатилаётган устма-уст қурғоқчиликлар эса қатор вилоятларда лалми буғдойнинг 80 фоизини нобуд қилган.

Ишсизлик ортиб бораркан, "Save the Children" ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, қурғоқчиликдан жабр кўрган вилоятлардаги оилаларнинг деярли тўртдан уч қисми озиқ-овқат сотиб олиш учун қарз олишга мажбур.

Афғонистонга чегарадош Яқин Шарқдаги урушлар, Покистон билан танглик сабаб савдо-сотиқнинг издан чиқиши сабаб озиқ-овқатнинг қимматлашиши ҳам бу каби оилалар аҳволини янада оғирлаштирган.

Ҳар ўн оиладан тўққиздан ортиғи вақтинчалик иш билан банд, чунки сув манбаларининг қуриб кетиши ва экин экишнинг имкони йўқлиги сабабли доимий иш имкониятлари чекланган.

Толибон ҳукумати худди шу манзарада Афғонистоннинг ўз пулига бўлса-да, Марказий Осиё билан икки ўртадаги Амударёдан сув олувчи зиддиятли йирик Қўштепа каналини қуриб, битказиш ҳаракатига тушган.

Минтақа давлатларининг иқтисодий ва дипломатик қўлловига қанчалик муҳтожлиги ҳам уларни бу режанинг ижросидан ортга қайтара олмаган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Нима қилмоқ керак?

Мулла Абдулғани Бародар ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов.

Сурат манбаси, Uzbekistan PM Office/Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон илова уларнинг ҳеч бири ҳукуматини расман тан олмаган эса-да, қисқа вақтнинг ўзида Толибон билан иқтисодий дипломатияга зўр берган, фаол мулоқотларини бошлаган.

Толибон қудратга қайтиши ортидан, Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг издан чиқиши эҳтимоли уларнинг ўзлари қолиб, қўшни минтақа давлатларининг ҳам жиддий хавотирларига молик энг муҳим масалалардан бири бўлади.

Улар бундай бир эҳтимолнинг минтақа барқарорлигига хавф солиши, катта сондаги қочқинлар оқими ўзларидаги вазиятни ҳам издан чиқариши мумкинлигидан ташвишда.

Уч Марказий Осиё давлатидан ташқари яна Хитой, Эрон ва Покистон ҳам Афғонистонга чегарадош.

Ўзбекистон илова уларнинг ҳеч бири ҳукуматини расман тан олмаган эса-да, қисқа вақтнинг ўзида Толибон билан иқтисодий дипломатияга зўр берган, фаол мулоқотларини бошлаган.

Турли минтақавий иқтисодий лойиҳалар муҳокамаси ва ижросига киришиш ҳаракатига тушган, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан аллақачон йирик миқдордаги савдо келишувларини ҳам имзолаган.

Афғонистон халқига, айниқса, мамлакатнинг ўзларига чегарадош шимоли аҳолисига инсонпарварлик ёрдамлари ҳам бериб келади.

Афғонистон Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғловчи муҳим трансит йўлида жойлашган, табиий маъданларга бой, гази, нефти ҳам бор.

Толибон яна солиқ йиғиш ва коррупцияни қисман камайтириш ҳисобига бюджет тушумларини яхшилашга уринган.

Худди шу манзарада Афғонистон иқтисодининг аста-секинлик билан ўнгланаётгани йирик халқаро молиявий ташкилотларнинг ўзлари томонидан ҳам эътироф этилган.

Аммо макроиқтисодий барқарорлик ҳалича кенг ижтимоий ривожланишда ўзининг ифодасини топмаганлиги ҳам таъкидланган.

Афғонистондаги тизимли қашшоқлик, изоляция ва инсон ҳуқуқларининг кескин чекланиши бунга тўсқинлик қилаётган асосий омиллар ўлароқ тилга олинган.

Афғонистондаги болалар меҳнатига оид тўлиқ расмий статистика имконли эмас.

Аммо улар бугун бутун Афғонистон бўйлаб оғир кўча меҳнатида банд экани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат: улар ғишт қуйишади, кўчаларда пойафзал тозалашади, нарса сотишади, машина ювишади, қурилишларда ва ҳаттоки хавфли конларгача ишлашади.

Хитой Синхуа ахборот агентлигининг ўтган ой хабар беришича, Афғонистоннинг Меҳнат ва ижтимоий ишлар вазирлиги жами 34 вилоят, жумладан, пойтахт Кобулда ҳам оғир меҳнат билан шуғулланувчи етим ва ҳимояга муҳтож болалар учун ўқув марказларини ташкил этган.

Вазирлик воизи Самиуллоҳ Иброҳимийнинг агентликка айтишича, "Ўтган йил давомида вазирлик етим ва қаровсиз қолган болалар билан боғлиқ 13,500 га яқин ишларни кўриб чиққан, уларнинг аҳволи ва соғлиғини ҳимоя қилиш учун зарур ёрдам ва аралашувни таъминлаган".

"Ўқув марказларида таълимдан ташқари, болаларнинг соғлиғи, озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой каби барча эҳтиёжларига эътибор қаратилмоқда", - дея қўшимча қилган у.

Аммо мазкур нашр ўзининг ҳам эътироф этишича, бундай қўллов ва ёрдам кўпчилик учун имконсиз.

Хитой бугун Толибон бошқаруви остидаги Афғонистоннинг энг йирик иқтисодий ва дипломатик ҳамкорларидан бири бўлади.

"Бу кўп ташвишли бир гап. Давлат, болалар ҳуқуқларининг ҳимоясига масъул ташкилотлар бу соҳада яхши бир режа ишлаб чиқишса. Болаларни ҳимоя қилишса. Улар саводсиз қолмаса. Оғир ишларни қилмаса. Жисман азоб чекмасалар. Муҳожир бўлишмаса. Гиёҳванд моддаларга рўжу қўймаса. Болаларнинг ҳуқуқлари учун курашишса", - дейди фаол Мингмуҳаммад Ҳамдил.

Қашшоқлик, ишсизлик ва ижтимоий норозилик эса айнан Афғонистон мисолида ички ва ташқи қочқинлар оқими, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, диний мутаассибликни кучайтириши ва алал-оқибат исёнчиликни қайта оловлантириши мумкин бўлган асосий омиллар бўлиб келган.

Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг Ўзбеклари илова турли жангари гуруҳ, ҳаракат ва глобал тармоқлар бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаб келган саноқли давлатларидан бири сифатида кўрилган.

"Бунинг олдини олиш учун ҳозир Афғонистонда ҳукуматда бўлганларнинг кўп иш қилишларига тўғри келади. 18 ёшгача бўлганларнинг ишлашини тақиқлаш тўғрисидаги қонунларни ишлаб чиқиш ёки болаларнинг мактабга боришини мажбурий қилиш. Бундан ташқари, болаларни мактабга боришга тарғиб қилувчи дастурларни яратиш. Аммо шахсий фикрим шундайки, ҳозир ҳукуматда бўлганларнинг бунга ҳеч бир иродаси йўқ. Қачонгача бу ташқи мамлакатлар ўзларининг кўмаклари билан Афғонистон давлатини оёқда ушлаб туради?...Афғонистон келажаги учун болаларнинг ўқимаслиги энг катта хавфлардан бири, деб биламан. Бу келажакда нафақат Афғонистоннинг ўзи, балки ташқариси учун ҳам муаммо яратиши мумкин", - дейди ҳозир муҳожиратда бўлган асли афғонистонлик иқтисодчи Фарийдун Илҳом.

Ўзи ҳам бирор бир жойда таҳсил олмаган қаҳрамонимиз Самиуллоҳ эса, ҳозир ўзи билан бирга ғишт қуяётган укаларининг муаллим, шифокор бўлиши, хизмат қилиб, Ватанларига манфаатлари тегишини орзу қилади.