Афғон аёл "хорижлик террорист" суди орқали АҚШдан депортация қилинди

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Макс Матза
- Published
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Техасда истиқомат қилиб, АҚШда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган афғонистонлик аёл мамлакатдан депортация қилинди. Бу махфий суддан фойдаланилган илк ҳолат бўлди.
47 ёшли Назира Ҳожи Зода АҚШ Адлия вазирлиги ва унинг адвокатлари маълумотига кўра, Чет эллик террористларни мамалакатдан чиқариб юбориш судида ўз ишини ҳимоя қилишни давом эттириш ўрнига мамлакатни тарк этишни танлаган.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Хорижлик террористларни чиқариб юбориш суди 1996 йилда ташкил этилган бўлса-да, июл ойидаги муҳокамаларга қадар бирор ишни кўриб чиқмаган эди. У миллий хавфсизликка оид махфий далиллар мавжуд бўлган терроризм билан боғлиқ ишларда АҚШ фуқароси бўлмаган шахслар учун мўлжалланган.
Ҳожи Зоданинг адвокатлари мазкур иш АҚШ Конституциясида кафолатланган адолатли суд жараёни ҳуқуқини бузганини таъкидлади.

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистон фуқароси бўлган Ҳожи Зода ҳеч қачон жиноятда айбланмаган. Бироқ прокурорлар унинг ўғли ва куёвига қарши иш очиб, уларни терроризм билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топишган. Унинг ўғли Абдуллоҳ Ҳожи Зода ва куёви Носир Аҳмад Тавҳед 2024 йилги сайлов куни ўзини "Ислом давлати" деб атайдиган гуруҳдан илҳомланиб оммавий отишма уюштириш режасини тузганликда айбдор деб топилган.
Техаснинг Форт-Уэрт шаҳрида яшаб келган Ҳожи Зода прокурорлар томонидан оилани "радикаллаштириш" учун иш олиб борган гуруҳнинг "матриархи" сифатида таърифланган.
Жума куни эълон қилинган баёнотда Адлия вазирлиги Ҳожи Зода "хорижлик террорчи эканини тан олгани ва мамлакатдан чиқариб юбориш қарори бўйича шикоят қилиш ҳуқуқидан воз кечгани, шу билан унинг аввалги иммиграция мақоми тугатилгани"ни маълум қилди.
Mijozimizning deportatsiyaga rozilik berishi ushbu sudning qonuniyligini ma’qullash sifatida qabul qilinmasligi kerak.
"Асосий аҳамиятга эга бўлган мазкур иш, ушбу чет эллик террорчининг ўз ватанига тезкор тарзда чиқариб юборилиши билан якунланиб, миллий хавфсизлик ва қонун устуворлиги учун ғалаба бўлди", деди АҚШ бош прокурори Тодд Бланш.
"Терроризмни қўллаб-қувватлайдиган ва уни оқлайдиганлар АҚШда яшамаслиги керак. Чет эллик террористларни мамалакатдан чиқариб юбориш судидаги ушбу илк иш вазирлик мамлакатимизни ҳимоя қилиш учун ихтиёридаги барча воситалардан қандай фойдаланишини кўрсатади".
Суд томонидан тайинланган адвокатлар уларга мазкур иш бўйича далиллар билан танишиш имкони берилмаганини айтди.
"Мижозимизнинг депортацияга розилик бериши ушбу суднинг қонунийлигини маъқуллаш сифатида қабул қилинмаслиги керак", деди давлат ҳимоячилари Мэттю Фарли ва Мэри Мэннинг Петрас The Washington Post нашрига берган баёнотида.
"Қонуний доимий яшаш мақомига эга шахсларни судга тортиб, кейин эса уларга ёки уларнинг адвокатларига қарши қўлланиладиган далилларни кўрсатмаслик адолатли суд жараёнининг очиқдан-очиқ бузилишидир. Судя ушбу масалани кўриб чиқиши биланоқ, Чет эллик террористларни мамалакатдан чиқариб юбориш суди Конституцияга зид деб топилишига ишонамиз", деди улар.





























